Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ихтисослаштирилган ўқув марказида илмий-амалий конференция ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ турли вазирлик ва идоралар ҳамда Олий ҳарбий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция давомида қўшинларни замон талабларига мос қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва махсус воситалар билан таъминлаш, жанговар тайёргарликка замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, етакчи давлатлар тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, фавқулодда ҳолатларда қўшинлардан самарали фойдаланиш, бошқарув тизимларини такомиллаштириш ва соҳадаги илмий ишланмаларнинг амалий аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.

Маърузачилар замонавий ҳарбий тенденцияларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қўшинларни бошқаришнинг янги моделларини таклиф этди.

— Бугунги конференцияда ҳарбий таълим, қўшинларни бошқариш, инновацион технологиялар ва миллий мудофаа саноати имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш билан бирга миллий ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, замонавий армияни фақат қурол-яроғ эмас, балки илм-фан, таҳлил ва инновацион ёндашувлар ҳам кучли қилади, — деди Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази бошлиғи ўринбосари, ҳарбий фанлар доктори Шавкат Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, конференция давомида билдирилган илмий таклифлар ва амалий тавсиялар қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини янада ошириш, фавқулодда вазиятларда самарали ҳаракат қилиш ҳамда ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини юксалтиришга хизмат қилади.

Конференциянинг амалий қисмида ҳарбий илм-фан орқали Мудофаа саноати агентлиги ҳузуридаги “Инновацион технологиялар маркази” томонидан ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, келгусида бундай ишланмалар ва инновацион ғояларни кенг тарғиб қилиш юзасидан амалий тажрибалар алмашилди.

Анжуман якунида соҳа йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари натижаларини келгусида амалиётга татбиқ этиш юзасидан асосли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, соҳага оид масалалар юзасидан стратегик ҳамкорликни кучайтириш мақсадида қатор вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини янада такомиллаштириш ва миллий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.